"ПАХТАКОР" РАҚИБИ "РЕАЛ МАДРИД" БИЛАН ДУРАНГ ЎЙНАДИ!
Жамоамиз "Нефтчи"ни йирик ҳисобда мағлубиятга учратган кун, ОЧЛдаги рақибимиз "Реал" (Мадрид) билан дуранг ўйнади.
Испанияда бўлиб ўтаётган Тинчлик Кубогининг иккинчи турида чемпионлар Лигасидаги рақибимиз Жидданинг "Ал Иттиҳод" клуби Мадриднинг "Реал" жамоаси билан Сантяьго Бернабеуда майдонга тушди ва учрашув кутилмаганда 1:1 ҳисобидаги дуранг билан якунланди.
Ҳар икки жамоа баҳс мобайнида бир неча мартадан гол киритиш учун қулай имкониятларга эга бўлди, лекин улардан фақат иккитасидагина футболчиларга омад кулиб боқди. Дастлаб мезбонлар сардори Рауль Гонсалес саудияликлар ҳимоячиси Обайд Ал Шамронини ортда қолдирди ва Мабрук Зайдни доғда қолдирди. Бир оздан сўнг Зайд Снейдернинг кучли зарбасини қайтаришга муваффақ бўлди. 64-дақиқада Ҳишам Абушерони ҳаводаги тўп учун кечган курашда Фернандо Гагодан устун келди ва Дудекни ўз дарвозасидан тўп олиб чиқишга мажбур қилди. Ўша вазиятда тўпни Ал Сақри етказиб берганди.
Учрашувдан кейин Габриель Калдерон мазкур фикрларни билдириб ўтди: - Баъзи вазиятларда қулай вазиятлардан фойдалана олмадик, лекин жамоа кўрсатган ўйиндан кўнглим тўлди. Улар бугун ўз маҳоратларини намойиш қилишди. Бу деярли ўртоқлик беллашуви эди. Шу сабабли Реал ўз кучининг 30-40 фоизини сарфлади. Шунга қарамай, мадридликлар ва ЛДУ Китога қарши учрашувларда ўзимизга керак бўладиган жиҳатларни ўзлаштирдик.
Эслатиб ўтамиз, "Пахтакор" ва "Ал Иттиҳод" ўртасидаги баҳслар 24 ва 30 сентябрь кунлари ўтказилади.