"БУНЁДКОР" 2-ДАВРАНИ ҒАЛАБА БИЛАН БОШЛАДИ!
Кеча, “ЖАР” ўйингоҳида Ўзбекистон чемпионатининг 23-тур доирасидан ўрин олган бир учрашув бўлиб ўтди. “Бунёдкор” бу йилги мавсумда “Шўртан”ни учинчи бор мағлуб этди
Аввалига Ғузорда кечган 8-тур учрашувида Ривалдонинг ягона голи “қалдирғочлар”га ғалаба келтирганди. Кейин эса Ўзбекистон кубогининг чорак финал босқичида “Бунёдкор” Эдгар Гесс шогирдларини 2:1 ҳисобида мағлубиятга учратишди. Мамлакатимиз чемпиони “Шўртан” билан кечган олдинги икки учрашувида кичикроқ ҳисобларда ғалаба қозонган бўлса, бу сафар ғузорликлар дарвозасини қўриқлаган литвалик Павел Леус жавобсиз бешта тўп қўйиб юборди.
Эдгар Гесс шогирдлари ўйиннинг илк дақиқаларидаёқ иккита тўп ўтказиб юборишди, бу эса ғузорликларни ўйин бошидаёқ синдириб қўйди. 11-дақиқада “Шўртан” сардори Артур Геворкяннинг кутилмаганда олган жиддий жароҳати эса ғузорликларнинг ўйинини янада кучсизлантирди. Клубнинг асосий плеймекерининг жароҳат олиб, майдонни тарк этгани кейинги дақиқаларда “Шўртан”ни асосан ҳимояланишга мажбур қилди.
50-дақиқада эса Гесс шогирдлари майдонда бир киши кам бўлиб қолишди – ҳужумни тўхтатиш учун сўнгги чорани қўллаган Вячеслав Пономарёв бош ҳакам томонидан четлаштирилди. Бунгача уни Виктор Серазитдинов огоҳлантирганди. Бу эса “Шўртан”ни ўйинини янада оғирлаштирди.
Таъкидлаш лозимки, “Жар” стадионига ташриф буюрган мухлислар бугун шедевр голларни томоша қилишди. Айниқса, Вильянуэва ва Жепаров томонидан киритилган голлар учрашув безагига айланди.
БУНЁДКОР – ШЎРТАН 5:0 (2:0)
Голлар: Ривалдо 7 (1:0), Вильянуэва 10 (2:0), Вильянуэва 62 (3:0), Жепаров 69 (4:0), Жепаров 86 (5:0)
Амалга оширилмаган пенальти: Ривалдо 51 (дарвоза устуни)
Огоҳлантиришлар: Геворкян 11, Пономарёв 13, С.Жўраев 57
Четлатиш: Пономарёв 50
“Бунёдкор” (Тошкент): Нестеров, Ашурматов, Ғофуров, Ҳайдаров (Кападзе 72), Рамос, Ривалдо, С.Жўраев (Карпенко 60), Вильянуэва, Ҳасанов (Солиев 67), Виктор, Жепаров “Шўртан” (Ғузор): Леус, Чкартишвили, Отақулов, Алиқулов, Омонов, К.Жўраев (Ғаффоров 90), Геворкян (Кликунов 11), Хазигалиев, Афонин, Пономарёв, Полвонов (Норов 82)
Ҳакамлар: В.Серазитдинов (Тошкент) 7,2, О.Давлатов (Урганч) 8,2, В.Лушин (Гулистон) 8,4, Р.Бобомуродов (Навоий) 9,0
Назоратчи: Р.Мўминов (Тошкент)
25 июль. Тошкент. “Жар” стадиони. 5 687 томошабин
|