Луиз Фелипе Сколари: “Қосимов менга ўқувчи эмас!” Тошкентнинг “Бунёдкор” клуби сўнгги йилларда мамлакатимизга жаҳон футболида ўчмас из қолдирган кучли легионерларни олиб келиш билан кўпчиликнинг эътиборини тортмоқда. Айниқса, “қалдирғочлар” клубни юксалтириш йўлида асосан жанубий америкалик кадрларга катта урғу беришган. Аввалига ўтган йили Чилидан Вильянуэва олиб келинди. Кейин бразилиялик ҳимоячи Луизао юртимизга ташриф буюрди. Орадан кўп ўтмай 1999 йилги жаҳоннинг тенгсиз футболчиси деб топилган Ривалдо ўз фаолиятини юртимизда давом эттирадиган бўлди. Кейинчалик машҳур мураббий Зико “Бунёдкор”да иш бошлади. 2009 йилги мавсум олдидан яна икки нафар бразилиялик футболчи “қалдирғочлар” таркибида пайдо бўлди. Мамлакатимизда у қадар кўп фаолият олиб бормаса-да, “Бунёдкор” билан мамлакат чемпионлигини ва кубогини қўлга киритишга мувпффақ бўлган Зико қишда Москванинг ЦСКА клубига ўтиб кетишни ихтиёр этди. “Оқ Пелени” тошкентликлар мажбурий равишда ушлаб туришгани йўқ, аксинча Зикога омадлар тилаган ҳолда Москва армиячилари сафига кузатиб қўйишди. У кетгач, жамоани Амет Мемет, Миржалол Қосимов ва Ҳикмат Эргашев “триоси” бошқариб турди. Бу нарса узоқ давом этмаслиги маълум эди. Чунки, Ривалдодек юлдузга, Рамосдек ЕЧЛ турнирида ўйнаган футболчига ўзимизнинг маҳаллий мураббийлар қандайдир янги кўрсатмаларни бериши ва “Бунёдкор”нинг халқаро ареналарда муносиб қатнашишида муҳим рол ўйнаб бериши жуда мушкул эди. Бир амаллаб Осиё Чемпионлар лигасининг гуруҳ баҳсларидан ўтиб олинди. Ўзбекистон чемпионатида эса таркибдаги тажрибали футболчилар ҳисобига муваффақиятга эришилди. Клуб раҳбарияти яқинлашиб келаётган муҳим учрашувлар олдидан клубга яна бир бразилиялик мутахассис, 2002 йилги дунёнинг энг яхши мураббийи – Луиз Фелипе Сколарини таклиф этишди. Унинг юртимизга ташрифи жаҳон ОАВда сенсация сифатида баҳоланган бўлса-да маҳаллий матбуотда бу нарса у қадар шов-шув кўтармади. Чунки “қалдирғочлар”нинг бунақанги янгиликларига халқимиз кўникиб қолганди. Яқин яқинларгача Лондоннинг “Челси” клубини бошқариб келган Сколари ва унинг ёрдамчилари юртимизда фаолият бошлаганига кўп бўлмай илк иш кунлариданоқ жиддий рақибларга рўбарў келдилар. Икки марта “Насаф” билан ўйналган бўлса, “Бунёдкор”даги 12-иш кунида Сколари “Пахтакор” билан тўқнаш келди. Очиғини айтганда, Сколари ким аслида ким эканлигини шу уч ўйиндаёқ исботлаб берди. Ҳаммага ёд бўлиб кетган “Бунёдкор”нинг тактик ўйинига тез торада янгилик кирита олди ва футболчиларнинг майдондаги жойлашувларида ҳам сезиларли ўзгартиришлар қилди. “Пахтакор”га қарши кечган учрашувдан сўнг 1-давра баҳсларига якун ясалди ва “қалдирғочлар” кичик танаффусга чиқишди. Тўрт кунлик қисқа таътилдан қайтганидан кейин “Бунёдкор” уй учрашувларини ўтказадиган “Жар” стадионининг матбуот марказида бразилиялик мураббий билан суҳбатлашдик. Фурсатдан фойдаланиб юртимиздаги биринчи интервьюсини айнан “Чемпион” ва “Футбол экспресс” газеталарига бергани учун жаноб Сколарига, интервьюни ташкил этишда кўрсатилган ёрдамлар учун клуб матбуот хизматига ўзимизнинг алоҳида ташаккуримизни айтиб ўтмоқчимиз. - Фаолиятингизни айнан Ўзбекистонда давом эттиришингизни кўпчилик кутмаганди. Айтингчи, “Бунёдкор”да иш бошлашингизда кўпроқ қандай омиллар муҳим рол ўйнади? Ватандошларингиз Зико ёки Ривалдоларнинг мамлакатимизга келиб ишлашингизда қандайдир алоқалари борми? - Ташрифимда асосий ролни Ривалдо ўйнади. У менга ушбу диёрга ташриф буюришимни ва бу ерда яратилган шароитларни ўз кўзим билан кўришимни сўради. Лекин “Бунёдкор” ҳақидаги биринчи тасаввурларим анча илгари уйғонганди. “Челси”да ишлаб юрган кезларимда “Бунёдкор”нинг хориждаги вакили билан Лондонда кўришгандим. Ана ўшанда ўзбеклар билан илк алоқалар йўлга қўйилганди. Мен у кишини “Челси”даги шароитлар билан яқиндан таништириб чиққандим. Ўз навбатида, “Бунёдкор”нинг ушбу вакили Ўзбекистонда ҳам футболга бўлган эътибор тубдан ўзгараётганини, стадионлардаги шароитлар ҳам яхши ҳолга келтирилаётгани ва “Бунёдкор” хориж клубларидан андоза олаётгани-ю, жаҳон стандартларига мос равишда янги стадион барпо этишга бел боғлаганини таъкидлаб ўтганди. Очиғи, унинг айтган лойиҳалари жуда қизиқарли эди. Ривалдога келсак, у мен учун жуда қадрли ва яқин дўстимдир. Ривалдо орқали клуб раҳбарлари билан алоқада бўлиб турдим. Кўп ўтмай Тошкентга таклиф этишди. Мен уларнинг режалари ва янги лойиҳаларини ўйлаб кўрдим. Бундай қизиқарли таклифни қабул қилганимдан сўнг юртингизда фаолият боришга рози эканлигимни билдирдим. - Ўзбекистон чемпионати ҳақидаги илк тасаввурларингиз қандай бўлди? - Сезиб турибман, юртингизда иқтидорли болалар жуда кўп. Мен бу ерда ҳали кўп бўлмаган эрсам-да, талантли болаларни кўра бошлаяпман. Улардан юқори савияли футболчи етишиб чиқиши учун, терма жамоангизнинг янада кучайиши учун Осиёнинг эмас, Европа ва Жанубий Американинг кучли клублари ва терма жамоалари билан ўртоқлик учрашувлари ташкил этиш керак. Ўзингиздан 1-2 баробар эмас, 4-5 калла кучли жамоалар билан ўйнасангиз, савиянгиз тез суратда кўтарилиши аниқ. Аввалига уларга енгиласиз, тезлик борасида анча ортда қолиб кетасиз, техникангиз ҳам уларни олдида умуман кўзга ташланмайди. Бироқ, бундай ўйинлардан кейин каллани ишлатишга тўғри келади ва ўзингиз учун тўғри хулосаларни чиқариб оласиз. Бир мисол. Ўзбекистонда чемпионлик учун “Бунёдкор” ва “Пахтакор” клублари кураш олиб боради холос. Бу жуда кам. Европани қаранг, чемпионлик йўлида камида 4-5та жамоа баҳс олиб бораётганига гувоҳ бўласиз. Ўйлайманки. яқин келажакда юртингизда ҳам шундай клублар сони кўпаяди. Фикримча, терма жамоангиз ҳам келаси йилги ЖЧ саралаш босқичига қадар сезиларли ўсишга эришади. - “Бунёдкор”дан ташқари яна қайси терма жамоалардан ёки клублардан таклифлар олгандингиз? - Греция ва Туркиянинг иккитадан клубларида ишлаш вариантлари бор эди. Бразилия, Испания ва Бирлашган Араб Амирликлари клублари ҳам қизиқиш билдиришганди. - Нима деб ўйлайсиз, Ўзбекистонда футболни ривожлантириш учун Европа футболига ўхшаб тезлик ва жамоавий ўйинга эътибор қаратиш лозимми ёки лотин американча техникалардан ўзлаштирган маъқулми? - Униси ҳам керак, буниси ҳам. Футболда тактика ҳам жуда муҳим, техника ҳам. Футболда ҳимояни кучайтириб, ярим ҳимоя ёки ҳужумни эсдан чиқариб қўймасизку, тўғрими? Шунинг учун ҳам футболнинг ҳар бир деталини ўрганиш лозим. Ўзбекистонлик футболчилар нафақат Бразилия ёки Европа футболини, балки Россия футболини ҳам мунтазам кузатиб боришлари лозим. Ва таҳлил қилиб, ҳар бир ўлка футболининг энг кучли жиҳатларини ўзлаштиришлари керак ва ўрганилган билимларни жамулжам қилган ҳолда амалда қўллаш керак. - Бразилия терма жамоасида муваффақият қозониши учун бор имкониятни ишга солишнинг ўзи кифоя қилади. Бироқ Ўзбекистонга ўхшаган футболи энди-энди ривож топиб бораётган мамлакатларда эса мавжуд имкониятдан ташқари, захира кучларини ҳам ишга солиш керак. Айтингчи, бу икки хил футболнинг қайси бири билан ишлаш осонроқ? - Бу жиддий иш. Сенда Бразилияга ўхшаб танлаш имконият бўлмаганидан кейин эътиборингни ёш футболчиларга қаратишинг лозим. Агар иқтидорли футболчиларни чека-чекка жойлардан қидиришнинг иложи бўлмаса, мавжуд бўлган ўсмир болаларга футболнинг илк элементар деталларидан бошлаб сабоқ бермоқ лозим – югуриш, тўпни тўхтатиш, зарба бериш, футболчини алдаш. Агар бундан наф чиқмаса, унда у юртнинг футболидан бирон нарса кутиш қийин. Аммо, Ўзбекистонда талантлар жуда кўплигини биламан. Ёшлар терма жамоангизни жаҳон чемпионатига йўлланма олгани мамлакатингиз футболини ёрқин келажак кутаётганидан далолат бермаяптими? Агар бу жамоада яхши иқтидор эгалари бўлмаганида бекордан-бекорга ЖЧга чиқишмаган бўларди. Шу ёшлар тўғри йўлдан тарбияланиб, клубларда уларга асосий таркибдан жой берилса, катталар ўртасидаги ЖЧда Ўзбекистон қатнашиши мумкин. - Савол терма жамоага оид. Сиз билан келишувда олдингизга фақатгина “Бунёдкор” билан ишлаш вазифаси қўйилганми ёки терма жамоамиз бошқарувини олишингиз ҳам кўзда тутилганми? - Ҳозирча фақат “Бунёдкор”да ишлайман. Терма жамоа ҳақида ҳали ҳеч қандай келишувлар бўлмаган. Шу боис клубимга оид саволларни берганингиз яхши. - Унда саволни сал бошқачароқ бераман. Терма жамоамиз асосини “Бунёдкор” ва “Пахтакор” аъзолари ташкил этишади. Шу икки клуб аъзолари билан чекланган ҳолда яхлит бир терма жамоа тузиш мумкинми? - Мен бу ердаги қисқа иш фаолиятим давомида кўрдим – Ўзбекистонда иқтидорли футболчилар кўп. Кучли терма жамоа тузиш учун “Бунёдкор” ва “Пахтакор”дангина эмас, “Насаф”, “Нефтчи” каби клуб вакилларини ҳам жалб этиш лозим. Қаерда яхши жамоа бўлса, ўша клуб вакилларини термада синаб кўриш керак. - Терма жамоамизни янада кучайтириш учун яна қандай ишларни амалга ошириш керак, асосий эътиборни нималарга қаратиш лозим? - Боя айтдимку, терма жамоа ҳақидаги саволларни унинг бош мураббийига ва масъул шахсларига беринг. - Японияга қарши Тошкентда кечган учрашувни Сиз бевосита стадионнинг ўзида томоша қилдингиз. Ўша куни “Бунёдкор” аъзолари ҳам бош жамоамиз сафида майдонга тушишганди. Айтингчи, японлар билан ўйинда ҳаракат қилган Жасур Ҳасановнинг ҳаракатларини кўриб, ундан бошқа позицияларда ҳам унумли фойдаланиш мумкинлигини ўйлаб қўйганмидингиз? - Ҳа, мен Ўзбекистон – Япония учрашувини стадионда бевосита томоша қилгандим. Аммо биргина шу ўйин Жасур Ҳасановнинг ўйин услубини ўрганиш ва ундан янги қирраларни кашф қилиш учун етарли бўлмаган. Қачонки, Жасурни “Бунёдкор”даги машғулотлар жараёнида кўрганимда у кўп нарсага қодир ва уни турли хил позицияларда синаш мумкинлигини хулоса қилдим. Жасурнинг тезлиги бор, кучли зарба бера олади. Бундай футболчиларнинг кўплаб қирраларини очиш мумкин. Бундай футболчиларни ҳужум чизиғида бемалол синаб кўриш мумкин. Чунки у ўз тезлиги эвазига ҳимоячилардан қочиб кетиши мумкин. Бизда – Ҳасановни тўп билан таъминлайдиган Ривалдо ва Жепаров сингари яхшигина плеймекерлар бор. - Сиз бунгача Португалия, Бразилия, Англия ва Осиёда ҳам фаолият олиб боргансиз. Айтингчи, энг яхши хотиралар қайси жамоада қолган? - Бу борада менинг омадим чопган десам бўлади – ишлаган барча жойларда мени яхши эслашади ва у ерларда чин дўстларим қолган. - “Пахтакор” билан кечган учрашувда Хайрулла Каримов майдондан четлаштирилгач, Ривалдога кўп бора бармоқларингиздан “3” рақамини кўрсатганингизга кўзимиз тушди. Ўша лаҳзаларда “Бунёдкор” сардорига нималарни тушунтираётгандингиз? - Албатта, майдонда бир киши кам бўлиб қолганимиздан сўнг Ривалдо рақибнинг тактикасини бузиб бериши керак эди. Ривалдо оддий ўйинчи эмас - жаҳоннинг энг яхши ўйинчиларидан, дунё юлдузи. Қизил карточкагача Ривалдони рақибнинг битта эмас, иккита ўйинчиси қўриқлаётганди. Майдонда бир киши кам бўлиб қолганимиздан сўнг, унга ўзинг билан “Пахтакор”нинг уч футболчисини эргаштириб юр, тўпни ўзингда кўпроқ ушла, қаршингда уч нафар рақиб гавдаланганидан кейин тўпни шерикларингга ошир, деб кўрсатма бердим. Ана шу жиҳат билангина ўша куни “Пахтакор”ни енгишимиз керак эди холос. Мен режалаштирган тактикани Ривалдо худди ўйлаганимдек бажариб берди ва биз якунда ғалаба қозондик. - “Бунёдкор”нинг ижарада бўлган ўйинчиларини давралар оралиғида синаб кўрасизми? - Айни пайтда ўн нафар футболчиларимиз ижара асосида бошқа клублар таркибида ўйнашаётганини биламан. Ижарадаги футболчилар ҳақида дастлабки маълумотларни менга етказишди. - “Пахтакор” билан бўлган ўйин олдидан рақибнинг кўплаб ўйини ёзилган дискларни кўриб чиққанингизни айтгандингиз. Видеотасмаларда “Пахтакор”нинг “Бунёдкор” билан олиб борган ўйинларини кузатдингизми ёки “Пахтакор”нинг бошқа рақиблар билан ўтказган учрашувлариними? - Мен дербигача “Пахтакор”нинг миллий чемпионатдаги сўнгги бешта учрашувини кузатиб чиқдим. “Машъал”, “Шўртан” каби жамоаларга қарши ўйинларида қўллаган тактикаларни таҳлил қилдим. - “Пахтакор”га қарши ўйиннинг 27-дақиқасидан бошлаб бир киши кам бўлиб ўйнадинглар. Ўша куни ғалабага эришишингизни ўйин пайтидаёқ сезганмидингиз? - Жасур “Пахтакор” дарвозасига иккинчи тўпни киритгач ғалаба биз томонда бўлишига буткул ишониб бўлгандим. Чунки биз тактик жиҳатдан рақибдан устун эдик ва майдонда камчилик бўлсак-да, кўплаб хавфли вазиятлардан содир этаётгандик. Агарда биринчи бўлим сўнггида Ҳасанов бирга-бир вазиятдан унумли фойдаланганида, ўша заҳотиёқ ғалабани нишонлаган бўлардим. - “Пахтакор” ниманинг ҳисобига ютқазди, деб ўйлайсиз? - Ниманинг ҳисобига ютқазганини яхши билсам-да, бу саволга жавоб беришга менинг ваколатим йўқ. Ўша жамоанинг мураббийларидан сўранг! - Игнатий Нестеров “Бунёдкор” машғулотларида иштирок этмоқда. Дербида Зухуровнинг кўп вазиятларда тўпга чиқишда хатоларини кузатдик. Бундан буён клубнинг биринчи рақамли дарвозабони ким бўлади? - Ким расмий ўйинда асосий таркибда майдонга тушса, ўша биринчи рақамли дарвозабон бўлади. Чунки Игнатий олдинги жамоасида кучли ўйин кўрсатган бўлса ҳам, спорт формасини қай суратда ушлаб турганини ҳали билмайман. Машғулотларда ҳаммасига ойдинлик киритилади. Агар у ҳақиқатан ҳам Зухуровдан яхши бўлса, ўйнайди, акс ҳолда Мурод тушади. - Миржалол Қосимовдан қандай иш талаб қиляпсиз? Умуман унинг мураббийлар штабидаги функциялари нималардан иборат? - Миржалол худди Тейшейро сингари менинг энг яқин ёрдамчим. У Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи ҳисобланади. Мен келгунга қадар “Бунёдкор”ни бошқараётганди. Айтмоқчиманки, Қосимов футболчилар ҳақида мендан кўра кўпроқ маълумотга эга. Рақиблар ҳақида, олдимизда турган мусобақалар, умуман мен бу ерда билмаган ҳар қандай саволларга айнан Миржалолдан жавоб оламан. - Миржалол Қосимовни ўзингизга шогирд деб айтиш мумкинми? - Қосимов оддий мураббий эмас, у профессионал. Унда тажриба катта. Мен клубда бош мураббий бўлсам-да, Қосимов мураббийлар штаби аъзоси, бироқ у ўқувчи эмас. У худди Тейшейро, Прачиделли ва Шнейдер сингари ўз йўналишига жавоб берадиган профессионал мураббий. Агарда мен ўйин пайтида алмаштириш қилсам ёки машғулотлар жараёнида қандайдир нотўғри иш тутсам, Қосимов менга тўғри йўлни кўрсатиб туради. Мен катта тажрибамдан келиб чиқиб янги услублар жорий қилсам, Қосимов кейинчалик ундан терма жамоада фойдаланса, бу иш билан Миржалол менга ўқувчи бўлиб қолмайди. Балки услублар бўйича алмашинув юзага келган бўлади холос. - Қайси терма жамоа ва клубни бугунги кунда энг кучли дея оласиз? - Мен учун доим Бразилия терма жамоаси энг яхши бўлиб келган ва бундан кейин ҳам шундай бўлиб қолади. Клублардан эса табиийки Чемпионлар Лигаси ғолиби Испаниянинг “Барселона”сидир. - Футболда сўнгги 20 йилда нималар ўзгарди, деб ўйлайсиз? - Ҳозирги пайтда жаҳон футболи бизнесга айланиб қолди. Қисқа қилиб айтганда, ҳар бир футболчи пул учун ўйнаяпти. Дунёнинг бирон бир жойи йўқки, мен шу жамоани чин дилдан севаман ва шу жамоага содиқ қоламан. деган футболчи деярли қолмади. Илгари футболга бўлган муҳаббат юқори эди. Мураббийлар, футболнинг илмий кўриниши анча ўзгарди. Футболчилар майдонда ақлли ўйнай бошладилар. Натижа биринчи пландан тушди, кўп ўйинчилар мухлисларга чиройли футбол улашишга ҳаракат қилишмоқда. - Ўзбекистонга ўхшаган футболи энди-энди ривожланиб бораётган мамлакатлар учун малакали мураббийларнинг олиб келиниши футболимизни жадаллик билан ривожлантирадими ёки эътиборни тажрибали футболчилар жалб этишга қаратган маъқулми? - Футболни ривожлантириш учун мураббийнинг ҳам, футболчининг ҳам ўзига яраша ҳиссалари бўлади. Шунинг учун ҳам иккала жиҳатга баравар эътибор қаратиш керак.
|