Энг қийин вазифа "Футболчиларнинг осонлик билан янги жамоалари либосларини ўпаётганликларини хазм қила олмайман.” (Пеле) “Чемпион” газетасининг эртанги сони учун узоқ муддат бир жамоаа фаолият кўрсатаётган футболчилардан тузилган рамзий жамоа ҳақида мақола тайёрладим. Айнан мана шу мавзу мени яна бир мақолага ундади. Ўзимизнинг футболчилардан ҳам мана шундай таркиб қилишни ўйлаб кўрдим. Роса ҳаракат қилдим. Балки Бахтиёр Ширинов бўлганларида буни осонлик билан амалга ошира олардилар, аммо мен эслай олмадим. Наманганлик Сайдулло Турсунов, “пахтакорчи” Мурод Алиев, андижонлик Ориф Маматказин, “Насаф”нинг узоқ йиллик сардори Рўзиқул Бердиев ва қўқонлик Зоҳид Нурматовдан бошқаси хаёлимга келмади. Нега? Бошқа саволни ўзимга бераман. Нега бу мавзу ҳақида фикр юритиш кера кбўлиб қолди ўзи? Сабаби бор. Нестеров “Бунёдкор”га ўтди. Бунга анча бўлди. Нима бўлибди, деган мантиқий савол билан мулоҳазани давом эттирадиган мухлислар кўпчиликни ташкил қиладилар. Тўғри-да, яхшироқ шароит, яхшироқ таклиф натижасида профессионал бўлган футболчининг клуб алмаштириши табиий ҳолат. Трансферлар футболнинг ажралмас бўлаги. Айниқса бу икки рақобатчи клуб орасида амалга ошса қизиқиш баттар кучаяди. Танганинг иккинчи томони “Пахтакор” мухлисларини акс этади. Уларнинг баъзилари Нестеровни хиёнатда айблашмоқда. Нафақат "Пахтакор", бошқа клублар мухлислари орасида ҳам шундай ҳолатларни эшитиб қоламиз, гувоҳи бўламиз. Бундан Нестеров каби футболчилар хафа бўлишга ҳам ҳақли, тўғри-да, футболчи саккиз йил бор кучи билан клуб шаъни учун, мухлислар қувончи учун ҳаракат қилса-ю, эвазига ҳақорат эшитса. Аммо... Бир мухлис бўлиб кўрайлик. Қанақа ҳолатга тушаркинмиз? Ҳеч ўйлаб кўрганмисиз, нега футболчилардан ҳар доим садоқат талаб қилинади? Нега бутун фаолиятини битта клубда ўтказган футболчилар алоҳида қадрланади, афсона даражасига кўтарилади? Нега? Сабаби оддий. Бу жуда ҚИЙИН вазифа. Ниҳоятда қийин. Аммо амалга оширса бўладиган иш. Эътибор берсангиз, бувиси тарбиялаган болалар анча сермулоҳаза ва бийрон бўлишади. Ишлатадиган сўзлари ҳам, иборалари ҳам катталардек бўлади. Айбга буюрманг, мени ҳам “Чемпион”нинг 40-41 саҳифалардаги БЛОГ – яъни тарих тарбиялаб боряпти. Шунга умид қиламан камида. Шунинг учун яна тарихга саёҳатимни бошласам хафа бўлманг. Владимир Фёдоров “Пахтакор” сафида Собиқ Иттифоқ 1-лигасида ўйнаб юрган пайтларида ҳам терма жамоага жалб қилинарди. “Динамо” (Киев) нинг юлдузли таркиби ва Фёдоровдан тузиларди терма жамоа. Бунинг сабаби, киевлик мураббийлар Фёдоровни “Динамо”га олиб келиш ниятида эдилар ва умумий ансаблда қандай кўринишини кузатишарди. Владимир уларнинг кетма-кет таклифини кескин рад этди ва терма жамоага жалб этилмай қўйди. Красницкий мамлакатда энг кучли ҳужумчилардан бири саналарди. Уни ўз таркибида кўришни хоҳламаган мураббий йўқ эди. Аммо у кетмади. Садоқатнинг яна бир шарти бор. Охиригача кўрсатиш керак уни. Андрей Пятницкийни олий лигада “Арарат” (Ереван) дан бошқа барча жамоа чақирган экан. Аммо у кетмади. Ажойиб таклиф билан чиққан, чемпионлик учун курашаётган “Спартак”дан кўра, аутсайдерни афзал билди ва Тошкентда москваликлар дарвозасига ажойиб тўп киритиб чемпионликдан маҳрум қилди. Аммо... У кейинчалик Россия фуқаролигини қабул қилди, оқибатда Андрей футболимизга қанчалик кўп хизмат қилган бўлмасин, унинг исми Қосимов ва Денисовлар олдида ҳеч ким эмас. Охиригача кўрсатилади садоқат! Шунинг учун ҳам қийин. Мен Нестеровни айбламайман, асло. “Бунёдкор”да унга омад тилайман. Лекин у бир нарсани ютқазгани аниқ. “Пахтакор” мухлислари эътиборини. Ҳозир билинмас, мухлис ўзи бевафо, бугун Нестеров, эртага Жўраев, дейишингиз мумкин. Лекин афсоналарни айнан мухлислар сайлашади. Рақам ёки натижалар эмас. Тарихни бир титиб кўринг. Бугалони эсланг ҳеч бўлмаса. “Пахтакор”нинг энг оғир давридаги ягона юлдуз эди у. Дарвозабон эканлигига қарамасдан икки йил Ўзбекистонда тенгсиз футболчи деб топилганди. Лекин ҳозир “Пахтакор”га қандай алоқаси бор? Нестеров ҳам шу нарсадан маҳрум бўлди холос. У “Бунёдкор”да совринларини кўпайтиради, тўғри, балки ОЧЛ да ютар. Ҳозирча кўз илғамаса-да, йўқотадиган нарсаси каттароқ. Орадан 20 йил ўтади. Игнатий ҳақида сўраган мухлисга (“Пахтакор”ники албатта) жавобан унинг ўтказган саккиз йили ҳақидаги ажойиб таъриф “”Бунёдкор”га кетиб қолганди-да кейин” деган сўзлар билан якунланиши аниқ. У энди “Пахтакор” афсонаси бўла олмайди. Афсуски шундай. Мен бу трансферни спорт нуқтаи назаридан таҳлил қилмоқчи эмасман. Балки бу ҳар икки клубимизга ҳам фойдадир. Балки Жўраев ёки Рибкин мисолида футболимиз яна бир ажойиб дарвозабонга эга бўлар. Бу бошқа масала. Мен бу ҳолатга бошқа ракурсдан қарашга ҳаракат қилдим холос. Мен атиги икки жамоа ва бир футболчи ҳақида ёзган бўлсам-да, аслида бошқа фикрни илгари сурмоқчи эдим. Футболдаги садоқат мавзусини. Бу мавзу бор, ҳеч қачон йўқолмайди ва энг кўп ардоқланади. Дарвоқе, садоқатнинг яна бир кўриниши бор. Қачон ва қайси клубда ҳаракат қилмасин бор имкониятини ишга солиш, ўша клуб мухлисларининг қувончи учун тинмай меҳнат қилиш ҳам садоқат. Қайсидир маънода Қосимовни эсланг. Қайсидир маънода Ашурматовни ёдга олинг. Мен энди Нестеровни ана шу тоифага қўшаман. Мен унга мухлислик қилишда давом этаман. Олға, Игнатий!
|