ИНСОННИНГ ЭНГ БАХТСИЗ ЁШИ АНИҚЛАНДИ
Олимлар инсоннинг турли ижтимоий шарт-шароитларда — ишда, оилада, улкан муаммоларга дуч келганида, саросимали ва таҳликали дамларда ўзини қандай тутиши унинг ёшига боғлиқ эканлигини аниқладилар.
Инсон ўзини бахтиёр ҳис этадиган даври ўрта ёш экан. Чунки ўрта ёшдаги киши ҳар қандай таҳликали дамларда ҳам ўзини йўқотмас экан. Кенг кўламли тадқиқотлар шуни кўрсатдики, инсонга ўлим хавфи яқинлашган сари унда турли ижтимоий шароитларда таҳлика ва саросимага тушиш кучаяр экан. Бу ҳолат асосан 40 ёшдан ошгандан кейин юз беради.
Олимлар шунингдек, бундай ҳолатларнинг оилавий шарт-шароитларга, шунингдек, кишининг жинсига боғлиқ эканлигини ҳам аниқлашди. Масалан, тушкунлик ва таҳлика — ўзини бахтсиз ҳис этиш англияликларда 44 ёшда бошланар экан. АҚШда эса аёллар ўзларини 40 ёшда, эркаклар эса 50 ёшда бахтсиз, деб ҳисоблай бошлар экан.
Мутахассислар бундай ҳолатнинг пайдо бўлишига бир нечта сабаблар бор эканлигини баён қилишмоқда. Хусусан, ёшликда кишилар ўз мақсадларига эришиш учун жуда катта энергия йўқотадилар ва 30-40 ёшга етганларидан кейин бундан бироз ташвишга тушиб қолишади. 40 ёшдан кейин эса улар фақат шу кунгача эришган натижалари билан қолиб кетишларини ўйлаб чинакамига хавотирлана бошлашади.
Шуниси аниқки, агар кимда-ким ўзини бахтли ҳис этса, кўпроқ яшар экан. Агар бахтсиз ҳис этса, ўлимга яқинлашар экан. Инсоннинг оғир ҳолатга ва руҳий тушкунликка тушишига тенгдошларининг, яқин қариндошларининг ўлими жуда катта таъсир кўрсатар экан.
|