Биласиз, подвалдан ҳатто пастроқда,
Чилонзор йўли бор бизнинг метрода!
Оҳ, ўзбек футболи энди ретрода...
Охирги бекатнинг номи – Манама! Собир Раҳимовдан келаркансиз зор,
Номларни бирма-бир айлабон такрор,
Аввалроқ “Бунёдкор”, кейин “Пахтакор”,
Охирги бекатнинг номи – Манама!
Японлар тўхтата олмас бизларни,
Ўчира олмайди сўнгги изларни,
Битта ном бор ахир, янчиб тизларни -
Охирги бекатнинг номи – Манама!
Дил хуноб, борига шукрда куяр,
Нима қилсин энди, термани суяр...
Битта зарбадаёқ тинчитиб қўяр
Охирги бекатнинг номи – Манама!
Кучлига ўхшамас кучли десангиз,
Тиш ҳам боса олмас, бир бор есангиз,
Ўзбек футболига ташриф этсангиз,
Охирги бекатнинг номи – Манама!
Йиғлаймиз, тузукроқ футболчи йўқ-да,
Рақиб тепган тўплар гўёки ўқ-да...
Бир гал плей-оффда, бир гал гуруҳда
Охирги бекатнинг номи – Манама!
Дунёга кўрсатиб бор иззамизни,
Чўктириб хор қилди жуфт тиззамизни...
Алмашиб олайлик станциямизни
Охирги бекатнинг номи – Манама!
Мақсадга етишга уялиш керак,
Ёлғонлар битишга уялиш керак,
УЕФАга кетишга уялиш керак,
Охирги бекатнинг номи – Манама!
Майли, устимиздан ҳамма кулади,
Душманлар роҳатдан ойдек тўлади,
Тўрт йилдан кейин ҳам наҳот бўлади
Охирги бекатнинг номи – Манама???
Мана шу саволга жавоб керакдир,
Қонталашиб қолган асли юракдир,
Танлайлик метродан кўра трактор...
Охирги бекатнинг номи – Манама!
Тутмасми шунчалар мухлис уволи,
Бу ахир дил айтган машҳур саволи...
Ўзбек футболининг доимий ҳоли --
Охирги бекатнинг номи – Манама!