METRO HAQIDA
Дунёдаги дастлабки метрополитен Лондон шаҳрида иш бошлаган бўлиб, 1863 йил 10 январь куни ишга тушган. Британия пойтахти ер ости йўли хизмати айни вақтда 268 бекатга эга. Метрополитен илк ишга тушган йили 40 000 йўловчини ўз манзилига етказиб қўйган бўлса, 1880 йилга келиб йиллик йўловчи ташиш ҳажми 40 млн.га кўтарилди. 2004-2005 йилги мавсумда Underground (инглизча – «ертўла») 976 млн. йўловчига хизмат кўрсатди. Айни кунларда метрополитен хизматидан кунига салкам 2,67 млн. йўловчи фойдаланмоқда.
Лондон метрополитенининг ўнлаб бекатлари ҳар хил вақтларда йўловчиларнинг жуда кам фойдаланишлари важидан ёпиб қўйилган. Бу борадаги энг юқори кўрсаткич 1981 йил Blake Hall бекатида кузатилган. Ёпилиш вақтида бекатдан кунига ўртача атиги 6 йўловчи фойдаланар эди.
1902 йилда ишга тушган Берлин метрополитени айни вақтда Германия пойтахтида энг асосий жамоат транспорти ҳисобланади.
Айни вақтда Берлин метросининг узунлиги 144 км.га етган бўлиб, 9 йўналишда 170 та бекат мавжуд. 32 км.ли U7 йўналиши энг узун йўналиш ҳисобланса, энг қисқа U4 йўналишининг узунлиги бор-йўғи 3 км.ни ташкил этади.
Берлин метрополитенида рейслар орасидаги вақт одатда 5 ёки 10, тиқилинч вақтларда эса 4 ёки 5 дақиқани ташкил этади. 2003 йилдан бошлаб эса жумадан шанбага, шанбадан якшанбага ўтар кечаси 15 дақиқалик оралиқ вақт билан U4 йўналишидан бошқа барча йўналишларда метро қатнайди. Бошқа кунларда эса метро йўналишлари бўйлаб ҳар 30 дақиқада автобуслар ҳаракатланади.
Прага метроси 1974 йил 9 май куни, Чехословакиянинг совет армияси томонидан озод қилинганлигининг 29 йиллиги муносабати билан очилган. Метросининг умумий узунлиги 54,70 км.ни ташкил этади. Бекатлар сони эса 54 та.
Прага метросида ҳаракат соат 4:40 да бошланади. 0:33 да эса сўнгги поезд бекатга етиб келади. Трамвай ва автобусдан фарқли ўлароқ Прага метросида кечки йўналишлар йўқ.
Прага метроси Прага жамоат транспорти компанияси томонидан бошқарилиб, метрода фойдаланиладиган йўл чиптасини трамвай, автобус, Петржинадаги фуниклёр (темирйўл транспорти тури) ҳамда Прага ҳайвонот боғидаги лифтда ҳам ишлатиш мумкин.
Осиёнинг метрополитенларга энг бой қисми – албатта Шарқий Осиё. Айни вақтда МДЎнинг 7 давлатида 15 та метрополитен (шу жумладан, Тошкент метрополитени ҳам) бўлгани ҳолда Япония (11), Жанубий Корея (6) ҳамда Хитойда (8) биргаликда 25 та метрополитен бор. Биргина АҚШнинг ўзида эса 14 та метрополитен мавжуд.
Яқин Шарқда метрополитен анча камёб ҳодиса. Эрон пойтахти Теҳрон, Мисрдаги Қоҳира метролари ҳамда Исроилнинг Хайфа шаҳридаги «Кармелит» деб номланадиган метросифат транспортдан бошқа метрополитенни ғарбий Осиёда топа олмайсиз.
«Синдзюку» бекати Токио метрополитенининг энг кўп фойдаланиладиган станцияси бўлиб, ушбу метро бекатидан кунига 2 миллион йўловчи фойдаланади. Синдзюку айни вақтда жаҳондаги энг «банд» ва катталиги бўйича дунёда иккинчи ўриндаги бекат ҳисобланади.
Токио метрополитенида 282 станция бўлиб, ҳар йили 2,9 миллиард йўловчи пойтахт ер ости йўли хизматидан фойдаланади. Токио метроси дунёдаги энг озода метро ҳисобланиб, метро поездлари белгиланган жадвал остида катта аниқликда ҳаракат қилади. Бекатлар номи япон ва инглиз тилларида эълон қилинса, поездлар бекатларда доимо белгиланган чизиқда тўхтайдилар.
Шимолий Корея пойтахти – Пхеньяндаги метро қурилиши 1968 йилда бошланган бўлиб, метрополитеннинг Таэдонг дарёси остидан ўтадиган тоннель қисмида катта ҳалокат рўй берган. Маълумотларга кўра, 100 га яқин қурувчи воқеа қурбонига айланган. Ушбу тоннель ҳозирги кунга қадар қуриб битказилмаган бўлиб, метро дарёнинг ғарбий қирғоғи бўйлаб ҳаракат қилади.
Пхеньян метроси дунёдаги энг чуқур метро ҳисобланади. 110 метр чуқурликдаги метро бекатлари ҳарбий мулоҳазалар асосида бунёд этилган (бомбардимон хавфи сабаб). Пхеньян метросининг яна бир ўзига хос томони, у дунёдаги энг арзон метрополитен ҳисобланади. Атиги 5 вонга (таҳминан 0.03 АҚШ долларига) метро чиптасини сотиб олишингиз мумкин.
Узоқ муддатга мўлжалланган лойиҳаларга кўра, 2025 йилга бориб Шанхайда 21 та метро йўналишлари бўлади. Уларнинг кўпчилиги шаҳарда бўлиб ўтадиган «Экспо-2010» арафасида ишга туширилиши кутилмоқда.
Шанхай метросидаги ер остида ҳаракатланадиган вагонларда реклама ва кейинги бекатлар ҳақида маълумот суюқкристалли экранларда намойиш қилинса, ер устида ҳаракатланадиган вагонларда кейинги бекат номлари диодли экранларда кўрсатилади.
Шанхай метросида тўлов ҳаракатланиш масофасига қараб амалга оширилади. 2005 йил 15 сентябрдаги нарҳларнинг белгиланишига кўра, 3 юанга 3 кмгача бўлган жойга, 8 юанга эса 46 км.гача бўлган жойга етиб олишингиз мумкин.
Шанхай метросида айни вақтда 5 та йўналиш бўлиб, улар турли ҳил компаниялар томонидан бошқарилади. 1, 2, 3, 4-йўналишларга «Shanghai Metro Operation Co., Ltd.» компанияси эгалик қилса, сўнгги, 5-йўналиш эса «Shanghai Modern Rail Transit Co., Ltd.» компанияси бошқаруви остидадир.
Айни вақтда Хитойдаги энг узун метрополитен (91 км) ҳисобланган Гонконг метрополитени 1979 йил 1 октябрь куни ишга туширилган бўлиб, ҳозирги кунда 7 та йўналиш, 53 та бекат, 1050 та вагон, 5 деподан иборат. Метродан ҳар куни 2,46 миллион киши фойдаланади.
Москва метросининг 12 йўналишида 176 та бекат бўлиб, метрополитеннинг умумий узунлиги 292,9 км.ни ташкил қилади. Одатий иш кунида ташиладиган йўловчи сони – 8,6 млн.
Москва метрополитени иш фаолияти 5:25 да бошланиб, 01:00да метрополитенда ҳаракат тўхтайди. Соат роппа-росса бирда йўловчилар кириши учун эскалаторлар тўхтайди ва ўтиш йўллари ёпилади. Барча бекатлар фақат чиқиш учун ишлай бошлайди. 01:03да охирги бекатлардан сўнгги поездлар жўнайди. Баъзи байрамлар муносабати билан (Пасха, Шаҳар куни, Янги йил ва шунга ўхшаш) шаҳар ёки метрополитен раҳбарияти метрополитен иш вақтини узайтириш ҳақида қарор қабул қилиши мумкин.
Москва метросида поездлар қатнови орасида ўртача интервал — 2,5 дақиқа. Тиқилинч вақтларда эса энг минимал интервал — 90 сония, максимал интервал эса 10 дақиқага етиши мумкин (масалан, дам олиш кунлари тунда).
1941 йилнинг кузида Москва метросидан бомбадан сақланиш жойи сифатида фойдаланилган. Давлат мудофаа қўмитасиниг 1941 йил 15 октябрдаги қарори душман қўшинлари «Москва дарвозалари» қаршисида пайдо бўладиган бўлса, метрополитенни йўқ қилишни кўзда тутар эди.
|