ЭНГ ХАВФЛИ ЖОНИВОРЛАР
Ёввойи жониворлар билан тўқнашув инсон учун кўпинча ўлим билан якун топади. Хўш, қайси жониворлардан нарироқ юрган маъқул. Эътиборларингизга энг хавфли ҳайвонлар ўнлигини ҳавола этамиз.
10-ўрин. Марказий ва Жанубий Америка, Мадагаскарда учрайдиган заҳарли бақалар. Биргина тилларанг бақанинг заҳари ўн кишини йиқтиши мумкин.
9-ўрин. Ёввойи Африка ёки ҳинд буйволи. Бу жуда хавфли ҳайвон бўлиб, на одамдан, на бошқа ҳайвонлардан қўрқади. Вояга етган ёввойи буйволнинг бўйи 2 метргача, вазни 900 килогача бўлади. Шохи жуда йирик. 2 метргача боради. Сезгилардан айниқса ҳид билиш қобилияти жуда яхши ривожланган, шунингдек, эшитиш қобилияти ҳам ҳавас қилгулик. Африкага саёҳатга жўнаган сайёҳлар арслондан эмас, айнан буйволдан ҳушёр бўлишлари лозим. У бегоналарни дарҳол ҳидидан сезади ва биринчи бўлиб ҳужум қилади.
8-ўрин. Оқ айиқ. Ушбу ҳайвон бир қарашда ёқимтой кўринса-да, замонасига қараб ўзгарган: уни қўрқув ҳисси бутунлай тарк этган. Инсонлар истиқомат қиладиган пунктларга тез-тез «ташриф» буюради. Унча-мунчага ўлиб берадиган ҳайвон эмас. Ўнта ўғларни кўрдим демайди.
7-ўрин. Фил. Бу ҳайвон жуда ақлли, шунинг учун уни тушуниш мушкул. Африка, ҳинд филлари йилига 500 дан зиёд инсоннинг ҳаётига зомин бўлишади.
6-ўрин. Тимсоҳ. Австралия ва Африка қитъасининг кўплаб давлатларида у энг хавфли ҳайвон саналади. У қурбонини кутиб, сувда соатлаб беҳаракат туриши мумкин. Қурбон яқинлашиши билан у оний лаҳзада пистирмадан сакраб ҳужум қилиб, сувга чўктиради ва бурда-бурда қилиб ташлайди.
5-ўрин катта оқ акулага берилган. Сувдаги қон акулаларда мислсиз очқаш ҳиссини пайдо қилади. Шунда у ҳаракатланаётган жамики нарсани бурдалаш учун 3 мингдан ортиқ тишини ишга солади. Оқ акула иссиқ сувларда, барча океанларда, жумладан, Ўрта Ер, Япон денгизларида сузишади. Узунлиги 7-8 метргача етади. 12 метрли оқ акулалар ҳам учраган.
4-ўрин эса кутилмаганда маймунга бўшатиб берилган. Кўплаб тропик мамлакатларда улар ўрмондан егулик илинжида шаҳар ахлатгоҳларига кўчиб ўтишган. Маймунлар тўдаси кўпинча болаларга, ҳатто катталарга ҳужум қилишади, инсонларнинг озиқ-овқат заҳираларини ўмаришади. Бу йўлда улар одамларга хос одатлар ва айёрликни ҳам ўзлаштириб олишган. Биргина эшикни тақиллатиши қандай оқибатларга олиб келишини тасаввур қилинг-а?!
3-ўринда заҳарли медузалар боришмоқда. Денгиз ариси номи билан танилган Австралия медузаси айниқса хавфли. Ушбу медузада ҳар бири 4 метргача борадиган 60 тача пайпаслагич бўлади. Ҳар бир пайпаслагичда 5000 га яқин заҳарли чуқурчалар бўлиб, унда тўпланган заҳар 60 кишини ўлдиришга етади.
2-ўрин кутаётганингиз — заҳарли илонларга берилди. Бир йилда дунёда 50 минг киши илон чақишидан вафот этади. Қурбонларнинг аксарияти Осиё кобралари ҳужумидан ўлим топишади.
1-ўринни эса бир қараганда беозор кўринган москит чивини эгаллаган. Чивин чақишидан кўпинча қашланиш билан қутилиб қўя қоламиз. Бироқ, тропик ўлкаларда чивинлар безгак, вабо каби ўлатларни инсондан-инсонга юқтиришади, қонни турли паразитлар билан заҳарлашади. Ушбу ҳашаротлар йилига 3 миллион кишининг ёстиҚини қуритишга сабабчидирлар.
|