Jim Carrey Жим Кэрри 1962 йилда Онтарио (Канада) яқинидаги Ньюмаркет шаҳарчасида таваллуд топди. У болалигиданоқ қариндош-уруғлари, синфдошлари олдида чиқиш қилиб, уларни кулдирарди. Жим ўшанда бир кун келиб, бутун дунё тан оладиган комик актёр бўлишига ишонарди. Айтишларича, болакай тўшакка михланиб қолган онасини овутиб, чалғитиш мақсадида кулгили хатти-ҳаракатлар қилган экан. У 15 ёшида Торонтонинг машҳур “Юк-юк” клуби таркибида бутун Канадани кезиб чиқди. 19 ёшида эса жомадонини йиғиб, Лос-Анжелесга йўл олди. Орзулар мамлакатида Жим Кэрри фаолиятини дастлаб телевидениедан бошлаб, машҳур актёрларнинг юмористик шоуларида иштирок этди. 1986 йилда у афсонавий режиссёр Ф.Ф.Копполанинг “Пегги Сью турмушга чиқади” фильмида дебют ролини ижро этди. 1994 йилда яратилган “Эйс Вентура: уй ҳайвонлари қидирилади” комедияси Жим Кэррига улкан муваффақият келтирди. Бу роль билан актёр комедик қобилиятларининг кенг диапазонини намойиш эта олди. Худди шу йили суратга олинган “Ниқоб” фильми уни Голливуд мегаюлдузига айлантирди. Ахир, Жим Кэррини бутун дунёга танитган фильм бу - “Ниқоб”-ку, дейишингиз турган гап. Бу фильм энг кассабоп картиналар қаторига киритилди. «Ниқоб» биринчи ҳафтадаёқ 20 миллион доллар тўплашга муваффақ бўлди. “Овсар ва ундан-да, овсарроқ» комедиясидаги Жим Кэрри ижросига юқори баҳо берилди. Унинг комедик иқтидорига яна таҳсинлар айтилди. 1995 йилда катта экранларга чиққан “Эйс Вентура: табиат чақириғи” картинаси намойишининг биринчи ҳафтасидаёқ 40 миллион доллар тўплади. Кино танқидчилар ва миллионлаб мухлислар фильм муваффақиятини, шак-шубҳасиз, Жим Кэрри номи билан боғлашмоқда. 1997 йилда Жим “Ёлғончи” фильмидаги ахлоқсиз адвокат роли учун “Олтин глобус” мукофотининг “Энг яхши эркак роли” номинациясига номзод деб топилганди. Жим Кэрри суратга тушган сўнгги (“Кабелчи” ва “Уолтер Миттининг махфий ҳаёти”) фильмлари унга 40 миллион доллар даромад келтирди.
|