Кейинги йилларда Хитойда туғилаётган гўдакларнинг аксарияти ўғил болалар экани демографларни ташвишга солаётир. Айни пайтда ХХРда ҳар юз аёлга бир юз ўн етти эркак тўғри келаркан. Агар бу жараён шундай давом этадиган бўлса, 2020 йилга бориб мамлакатда ўттиз-қирқ миллион ортиқча куёв пайдо бўлади.
Афтидан, демографларнинг овози ҳокимиятдагиларнинг қулоғига бориб етган кўринади. ХХР давлат комитетининг аҳоли ва оилани режалаштириш ишлари бўйича раиси Чжан Вэйцин демография йўналишида олиб борилаётган тадбирларда жинсларнинг сон жиҳатдан мувофиқлигини биринчи вазифа қилиб қўйди. Жанубий Хитойдаги Гуандун вилоятида дарҳол сўздан амалга ўтишиб, бу борада аниқ тадбирларга киришиб кетилди. "Қизларга ғамхўрлик" шиори остида олиб борилаётган чоралар орасида фақат қиз болалари бор, иккитадан ортиқ қиз болани тарбиялаётган оилаларга муайян имтиёзлар бериш, ўғил боласи бўлмаган оилаларни ҳам шундай имкониятлардан баҳраманд этиш кабилар кўзда тутилган.