Совун – биз кунда фойдаланадиган оддий гигиеник восита. Дўконга харид қилгани борганимизда, кўпинча ифори ёки қай даражада реклама қилинганига қараб танлаймиз. Аммо совуннинг тури кўп. Бугун саҳифамизда унинг турлари ва хусусиятлари ҳақида маълумот беришга қарор қилдик.
Совуннинг турлари: сизга қайси бири тўғри келади?
Гигиеник хусусиятга эга совун: ишончли, аммо фақатгина кирдан халос этади. Терини чуқур тозалаб, намлантириш хусусиятига эгалиги боис косметик муолажалар, жумладан, озиқлантирувчи крем суртишдан олдин фойдаланиш тавсия этилади. Совунларнинг бактерияларга қарши турлари ҳам гигиеник ҳисобланади. Болалар учун мўлжалланган гигиеник совун таркибига табиий антисептик моддалар: мойчечак экстракти, календула, эман пўстлоғи, маврак(шалфей) киритилган. Бундай турдаги совун терини зиён етказмасдан тозалайди.
Совуннинг антибактериал турлари ўта фаол таъсир кўрсатади: улар бактерияларнинг нафақат зарарли, балки фойдали турларини ҳам йўқотади. Аммо бактерияларнинг энг агрессив турлари терида барибир қолади. Антибактериал совунлар терини ҳаддан ортиқ қуритиб юборади ва тез қаритади. Бундай совундан уйингиздан узоққа кетганингизда, поездда бирон жойга отланганингизда фойдаланганингиз маъқул.
Терини ўлик хужайралардан тозалаш хусусиятига эга(«отшелушивающее») совун – табиий компонентлардан ташқари скраб зарралари, мисол учун шафтоли донагининг майдаланган пўсти ёки майда синтетик шарикчаларга эга бўлади.
Хушбўй совун эса терингизда қисқа фурсат ифор таратиб туришдан бошқа ҳеч қандай қўшимча фойда келтирмайди.
Косметик совун таркибида юмшатувчи компонентлар – крем ва глицерин мавжуд. Бу турдаги совун терини нафақат тозалайди, балки уни қуриб қолишдан ҳам сақлайди.
Суюқ совунлар – энг гигиеник восита ҳисобланади. Бундай турдаги совун ичига терининг табиий ишқорини қайта тиклаш хусусиятига эга эфир ёғлари, ўсимликлар экстракти ҳамда аскорбин кислотасини қўшиш мумкин.
Айтганча, суюқ совун қисқа фурсат давом этадиган саёҳатлар вақтида сизга жуда асқотиши мумкин, чунки у ёрдамида нафақат бошдан-оёқ ювинишингиз, балки бир-икки марта сочларингиз учун шампун сифатида фойдаланишингиз ҳам мумкин.
Аммо агар сиз сурункали чарчоқни ҳис қилсангиз, уйқуга кетиш олдидан бундай совундан фойдаланмаганингиз маъқул, деб таъкидлайди шифокорлар. Чунки суюқ совун таркибига киритилган кучли ишқорли эритма янаям қаттиқроқ чарчоқ чақириб, терингизнинг қичиши ва арчилишига сабабчи бўлиши мумкин. Агар қўл остингизда бу совундан ортиқ ҳеч қандай восита бўлмаса, лимон шарбати ёки озгина миқдорда олма сиркаси аралаштирилган сув билан ювинишингиз мумкин.
Совунни тежаш усуллари
Азал-азалдан ота-боболаримиз ҳар бир нарсадан унумли фойдаланиб, ортиқча исрофгарчиликка йўл қўймай келганлар. Совундан фойдаланишда ҳам тежамкорликни йўлга қўйиш мумкин. Мисол учун, ораста бекажонларимиз орасида совун қолдиқларини шампун қутисига йиғиб, сўнг қути ичига иссиқ сув қуйиб махсус эритма ҳосил қилишар экан. Бундай эритма идиш-товоқ, автомобил, болалар кийимларини ювишда жуда асқотиши мумкин. Айтганча, эритма таркибига озгина ош содасини қўшиш орқали ошхона жиҳозлари ва эшикларни тозалайдиган ажойиб восита ҳосил қилиш мумкин.
Линолеум ва кафелларни тозалаш учун эса эритма таркибига нашатир спирти аралаштириш лозим.
Ҳафта рецепти: Уй шароитида тайёрланадиган ёшартирувчи совун
Иккита апельсинни сиқилиб, шарбати олинади. Пўстлоғи майда тўртбурчак шаклда тўғралади. Болалар совуни қирғичдан чиқарилади. Сирти эмалланган идиш ичига 150 мл иссиқ сув ва 3-4 ош қошиқ зайтун ёғи солиб, идиш олов устига қўйилади. Сўнг, тинимсиз аралаштириб турган ҳолда, ичига совун қириндиси ва апельсин пўстлоғи солинади. Аралаштиришда давом этган ҳолда, секинлик билан апельсин шарбати қуйилади. Қайнатма ичига 2-3 ош қошиқ сули ёрмаси солингач, яна бир бор яхшилаб аралаштириб, қайнатма олов устидан олинади. Бир неча томчи бирон бир турдаги эфир ёғи қўшилган аралашма шакл ичига қуйилиб, қотиши учун музлатгичга солинади.
Сахифа четидан бир колонка килиб серый фонга олинади
Совун ҳақида қизиқарли фактлар
* 1841 йилда Мексикада совун шу қадар тақчил ва қиммат бўлган-ки, у ҳатто пул вазифасини ўтаган.
* Unilever (Юниливер) корпорацияси ўз фаолиятини совун ишлаб чиқаришдан бошлаган.
* Археологларнинг маълум қилишларича, бундан 6 минг йиллар олдин ишқорли туз, ўсимлик, кул, ҳайвонлар ёғидан совун ишлаб чиқариш яхши йўлга қўйилган бўлган. Масалан скиф аёллари кипарис ва кедр пўстлоғи кукунига сув ва ладан қўшиб хушбўй малҳам ҳосил қилиб, уни бутун таналарига суртганлар. Ажойиб ифорли бу восита яхшигина тозалаш хусусиятига эга бўлган.
* Ўрта асрларда бир дона совун бир килограмм олтинга тенг баҳоланган. Ва шу боис ундан фақатгина шоҳлар фойдаланишган. Мисол учун Испания қироличаси Изабелла Кастильская совундан ҳаётида икки марта: туғилганида ва тўйидан олдин фойдаланганини тан олган.
* XIV асрда Англияда Совунпиширувчи гильдия Низомига кўра совун пиширадиган ишчилар оддий одамлар билан бир уйда тунашлари тақиқланган. Бу касб шу қадар сир сақланган.
* Француз қироли Людовик XIV тонгни қисқа ювинишдан бошлаган: унинг ҳузурига ичига кам миқдорда сув солинган идишни олиб келишган. Қирол бармоқлари учини шу сувда хўллаб, сўнг қовоқларини ишқалаган. Ювиниш шу билан ниҳояланган ҳисобланган.
* Ланкастерлар сулоласидан бўлган инглиз қироли Генрих IV эса 1399 йил махсус орден таъсис қилган. Орден билан тақдирланганлар совундан фойдаланиш ҳуқуқини қўлга киритар эдилар.
Шаҳризода тайёрлади.
|