Битта ғоянинг туғилиши, уни амалга оширишнинг ўзи бўлмайди. Қанча ақлий меҳнат, сўнгра моддий таъминот...Изланишлар, ҳаракатлар, тўсқинликлар, тортишувлар, келишувлар, келишмовчиликлар, асаббузарликлар ва ниҳоят, натижа. Агар ижобий бўлса, нур устига аъло нур. Салбий тугаса-чи? Кўп ҳолларда ниятга қараб иш якун топади. Бу гал ҳам шундай бўлди. Яхши ният қилинган эканми, югур- югурлар бесамар кетмади, ҳаммаси ижобий тарзда амалга оширилди. Таниқли продюсер Феруза Муродова деярли бир йиллик изланишлар оқибатида ўз олдидаги, санъаткорлар олдидаги ваъдасининг устидан чиқди. У ҳамиша таваккалчиликни хуш кўради. Бўлмаса, фойда бўлади ё йўқ, шунча харажат қилармиди?! Америкадек давлатда концерт ташкил этишнинг ўзи бўладими? Битта хонанда бўлса ҳам майли, беш ёки олтита бўлса ҳам... нақ 15 та санъаткор! Жаҳонгир Позилжоновдан Саида Раметовагача! Бошида ушбу лойиҳа УЗТВНЬЮЙОРК тақдимоти сифатида ўтказилиши режалаштирилганди. Бироқ, санъаткорлар виза ололмагани боис концерт бекор қилинди. Продюсер жони ҳалак бўлиб, концерт ўтказилиш кунига 1 кун қолганча ҳам визадан умидини узмаганди. Бироқ, петециянинг кечикиши оқибатида ҳаммаси чиппакка чиқди. Унга кўпчиликнинг ишончи сўнгандай бўлди, секин иғвога ҳам ўтишди. Бироқ, кимнинг кимлигини вақт кўрсатади деганлари рост экан. Феруза лойиҳани амалга ошириш мақсадидан бир он ҳам чекингани йўқ. АҚШ ҳукуматидан петецияни қонуний тарзда ола туриб, Ватанимизга шошди... Исм-шарифи шу "ишонч ёрлиғи”да кўрсатилган барча ижодкорларга виза берилди! Аммо, қандайдир сабаблар туфайли бу гал лойиҳа номи ўзгартирилди. УЗТВНЬЮЙОРК ҳамкорликдан воз кечган кўринади, концерт шунчаки "Ўзбек юлдузлари иштирокидаги гала концерт” дея эълон қилинди. Ўтган гал концерт қолдирилганда чипта харид қилганларнинг хафсали пир бўлганди. Бошқа штатлардан учиб келган ватандошларимиз кайфиятини тасаввур қилаверинг! Иккинчи маротаба, яъни 6 феврал куни эълон қилинган концертга чипта харид қилиш борасида кўпчилик иккиланиб қолди, шекилли, катта зал ҳувиллаб қолди. "Миллениум” концерт залининг ярмини томошабинлар ташкил этганининг ҳам боиси шу бўлса керак. 15 та юлдуз битта зални тўлдира олмади, деган гап сўзларга нуқта қўйиш борасида эса бу факт энг ишонарлидир. Ҳаммасини қўя туринг, энг муҳими концерт бўлди! Продюсер ҳам, санъаткорлар ҳам ваъдасининг устидан чиқди! Феруза Муродова бир чақа ҳам фойда кўрмаган бўлса-да, масъулиятни аъло даражада адо этди. Феъли нозик санъаткорлар ваъдасига мувофиқ, океан ортига учиб келишди...Тўғри гонорарсиз, бироқ, қуруқ кетишмади! Муродованинг заргар ўғли томонидан яратилган, тилла суви юритилган, олмослар билан безатилган қимматбаҳо "нота белгиси” мукофоти ҳамда махсус ташаккурномалар билан тақдирланишди! Эзгулик ўлмасин! Дунё эса куй қўшиққа тўлсин дея мақоламизга нуқта қўямиз!
ЖАСУР ҲАМРОЕВ
|