Англиянинг Кембрижшир графлигида жойлашган Питерборо шаҳрида истиқомат қилувчи Филип Уинфилд исмли киши 14 йил мобайнида шаҳар кўчаларини кўнгилли сифатида тозалаган ва бу иши учун маош олмаган.
Ёлғиз яшайдиган 74 ёшли Филип Уинфилд бир умр Питерборо муниципалитети саройида ишлаган ва ҳар куни соат 5 дан кечки соат 10 га қадар ўз хизмат жойини ташлаб кетмаган. 60 ёшида у нафақага чиқади, аммо ўзининг севимли машҚулотини ташлаб кетмайди ҳамда кун тартибига қатъий риоя қилган ҳолда ишини давом эттиради. Уинфилд кўчаларни бепул тозалар экан, ҳар куни бешта катта ахлат қутисини тўлдирган ва шундай қилиб, ўтган 14 йил давомида Питерборо кўчаларидан 200 тонна ахлатни чиқариб ташлаган.
Уинфилднинг айтишига кўра, бу иш унга ўзининг жисмоний ҳолатини яхшилашга ёрдам беради ва зерикиб қолишдан сақлайди. Шу пайтга қадар бирор марта шифокорларга мурожаат қилмаган Уинфилд ўзининг бепул меҳнатини бундан кейин ҳам давом эттиришини маълум қилган. «Мен энди бу ишдан воз кеча олмайман. Шунингдек, жонажон шаҳримнинг кўчаларида ахлатларни кўришга ҳам тоқат қилолмайман», деган у.
|