"БЕНОМ”НИНГ НОМИ ЙЎҚЛИГИНИ БИЛАРДИК, ФАРОСАТИ-ЧИ: ДИН ВА САНЪАТ БОШҚА-БОШҚА ЭКАНЛИГИНИ ҚАЧОН ТУШУНИБ ЕТИШАДИ!? ...Айрилиқ ҳақида чиройли қўшиқ янграйди. Жуда ёқимли тарона. Таъбир жоиз бўлса, "Беном” ижросидаги энг хит қўшиқ шуниси бўлиб қолса ҳам керак. Энг ажабланарлиси, "Дард" қўшиғига ишланган антиқа клип. Клип лавҳалари эътиборингизни жалб этади. Соҳилда ўй сураётган ошиқ, севишганлар жанжали...Бирдан гуруҳ йигитларининг мунгли қиёфада қўшиқ куйлашига кўзингиз тушади-ю юрагингиз ғалати бўлади...Уларнинг овозидан эмас, асло, қўшиқ куйланаётган жойдан. Черковда ўзбек йигитлари дард чекиб куйлайди. Шунчаки, тавба дея ёқангга қўл тортасан. Режиссёр, продюсер ё йигитларлардан қай бирининг фаросати шу қадар торлик қилди? Нега санъаткорлар дин ва мусиқани қориштириб юришни одат қилишди? Янгилик қиламан деб, янги диний оқимга асос солишмоқчими? Қош қўяман деб кўз чиқаргунча, черковдан бошқа дардни етказиб берадиган жой топилмадими? Шунча танбеҳлар, тарбиявий соатларнинг ижобий таъсири бўлмаса, яна қандай чора кўрмоқ керак? Масжидлар, черковлар, умуман, диний мазҳабларни қўшиққа алоқадор қилиб кўрсатмоқлиқ илинжи ортида нималар ётибди? Саволларнинг кети узилмайди. Жавоби эса сукут. Мутасаддилар бу ҳақда обдон ўйлаб кўришар...эрта-индин кеч бўлмасидан!
Жасур (shovshuv portali)
|