Айрим пайтда интервью учун соатлар етмайди. Гоҳида қалбга ташриф учун сониялар кифоя. 5 дақиқа – 300 сония Мунис билан кечди...
-Дуэт учун нега айнан Қодировни танладингиз?
-Мен танламадим. Таклиф бўлди. Қўшиқни тинглаб кўрдим. Менга жуда ёқди ва куйладим. Яхши қўшиқ бўлса бўлди, дуэтдошни танламайман.
-Эшак аравадаги гламурлар! Клипдаги бу кўринишни ҳойнаҳой сиз ўйлаб топган бўлсангиз керак...
-(Кулади). Бу клипмейкернинг ғояси. Имиж ва либослар муаллифи эса Ҳилола Шер.
-Эшакда биринчи сайр қилишингизми?
-Ҳа.
-"Дема-дема" кимнинг машҳурлигига кўпроқ ҳисса қўшади? Умуман бу дуэт оммалашишига ишонасизми?
-Иккимизга ҳам. Албатта оммалашишига ишонаман. Дуэт жуда ёқимли чиққан. Яхши қўшиқ танлашда мен камдан-кам адашаман!
-Хивадан олган таассуротларингиз? Одамлар клип жараёнига ва сизларга қай даражада қизиқди?
-Ҳмммм. Хивада зўр бўлди. Суратга олиш баҳона Ургенчнинг Олимпия стадионида концерт ҳам бердим.
-Концерт қандай ўтди?
-Мухлисларим Хоразмда ҳам бор экан!
-Интернет ва қўл телефонларида тарқаб кетган шов-шувли фотосурат ва видеолардан кейин яқин дўстларингизни ҳам йўқотдингизми? Сизга бу сабоқ бўлдими ё улардан афсусланмайсиз?
-Бу тўғрисида ҳеч нарса гапирмайман. Кечирасиз.
-Бир муддат қалин дугонангиз бўлган Райҳон билан сўнгги марта қачон гаплашдингиз?
-Эсимда йўқ. Лекин тўйларда учрашиб қолишга тўғри келяпти.
-Кўпчиликнинг фикрича, энди яқин дугонангиз Шаҳзода...
-Бу хато маълумот. Биз Шаҳзода билан гаплашмаймиз. Бироқ, бу уришиб қолишди дегани эмас. Мени ранжитишса ҳам, ҳамиша яхши муносабатни сақлаб қоламан.
-Шаддодлигингиздан ҳеч ким сизни йиғламаса керак деб ўйлайди. Менимча, бошқача. Сиз кучли қалб эгаси. Кучлилар йиғлайди, фақат бекитиб, ёлғиз...
-Тўғри айтасиз. Бу фикрингизга тўлиқ қўшиламан!
-"Момосидан" кейин ҳар бир қўшингиз оммалашмоқда. Бунинг сирини нимада кўрасиз?
-Билмадим. Бироқ, яхши қўшиқ танлашда интуициям панд бермайди.
-Сизнингча, Ботир Қодиров қандай инсон? Уни ўзингиз учун қанчалар кашф этдингиз? Ижодилан бохабармисиз?
-Ботир "золотой”! Ақлли, катта юрак эгаси. Меҳрибон. Уни борича ҳурмат қиламан. Жуда яхши инсон.
-Қайси қўшиғини ёддан биласиз?
-"Ҳаммадан ҳам гўзалсан” (кулади).
-Шахсий ҳаёт ҳақида ҳам ўйлаяпсизми?
-Шахсий ҳаёт?!!! "Тот самый” ҳали топилмаяпти, дейди-ку?! Шунақа!
-Муниснинг бошқа ҳамкасбларидан энг ажралиб турадиган жиҳати нимада?
-Шўхлиги!
300 сония тугади.
Жасур Ҳамроев
|