2014 йилнинг 23 апрель куни тахминан соат 18 дан 10 дақиқа ўтганда Тошкент шаҳар, Шайхантоҳур кўчаси 89-уйда жойлашган Лабзак Бизнес маркази биносида портлаш юз берди.Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар беради.
Олинган маълумотларга кўра, бинонинг 1-қаватида табиий газдан нотўғри фойдаланиш оқибатида алангаланиш юз берган ва оқибатда маиший газнинг физик чақнаши содир бўлган.
Darakchi.uz нашрининг хабар қилишича, бизнес марказда юз берган портлаш оқибатида бир киши ҳалок бўлди яна 6 киши турли даражадаги жароҳат олган. Улардан икки нафарига воқеа жойида биринчи ёрдам кўрсатилган тўрт нафари эса касалхонага етказилган.
Касалхонага етказилганлардан бири 1981 йилда туғилган корейс миллатига мансуб Елена исмли аёл вафот этган. Бу ҳақда ИИВ Тошкент шаҳар ЁҲХБ вакиллари маълумот беришди.
Маълумотларига кўра, портлашнинг сабаби бизнес марказнинг биринчи қаватида таъмирланаётган ошхонадаги табиий газдан нотўғри фойдаланганлик бўлган.