Мадриднинг «Реал» ва «Барселона» жамоалари Испания Кубогининг чорак финалида бир-бирларига қарши майдонга тушишлари мумкин. Бу нарса бугун Қирол Кубогининг 1/8 финалига ташланган қуръадан сўнг маълум бўлди. «Қироллик клуби» чорак финал йўлланмасини қўлга киритиш учун «Малага» билан, «Барса» эса «Осасуна» билан ўйнайди. Бу жуфтлик ғолиби кейинги босқичда бир-бирлари билан рўбаро келишади. 1/8 финалнинг бошқа жуфтликлари қуйидагича кўриниш олган: «Расинг» - «Мирандес», «Атлетик» - «Альбасете», «Леванте» - «Алькоркон», «Эспаньол» - «Кордова», «Мальорка» - «Реал Сосьедад», «Севилья» - «Валенсия». 1/8 финалнинг дастлабки ўйинлари 2012 йилнинг 3 дан 5 январгача ўтказилади, жавоб баҳслари 10 дан 12 январгача бўлиб ўтади. Агар «Реал» ва «Барса» чорак финалга чиқишса, принципиал рақиблар ўртасидаги биринчи ўйин Мадриддаги «Сантьяго Бернабеу» ўйингоҳида 18 январда ўтказилади. Жавоб беллашуви 25 январ куни «Камп Ноу»да бўлади. Ўтган мавсумда «Реал» Қирол Кубогининг финалида қўшимча вақтда Криштиану Роналду томонидан киритилган ягона гол эвазига «Барса» устидан 1:0 ҳисобида ғалаба қозонганди. «Барселона» Испания Кубогида рекорд миқдорда 25 марта ғалаба қозонган. Турнирнинг финалида 37 марта ўйнаган «Реал» 18 та унвонни қўлга киритган. Кубокда ғалаба қозониш бўйича иккинчи натижа Бильбаонинг «Атлетик» клубига тегишли – 23 та унвон. Манба: www.eurosport.com