Россия Давлат думаси (парламенти қуйи палатаси)нинг жисмоний тарбия ва спорт бўйича қўмитаси раҳбари Игорь Ананских футбол бўйича Россия терма жамоасининг 2018 йилги жаҳон чемпионатига тайёргарлик кўришига доир парламент мажлислари бўлиб ўтишини эълон қилди.
Мажлисларга футбол бўйича Россия терма жамоаси бош мураббийи, италиялик мутахассис Фабио Капелло ҳам чақирилади – депутатлар 2018 йилда Россия мезбонлик қиладиган мундиалга мураббий терма жамоани қандай қилиб кучайтира олишига қизиқишмоқда.
“Ҳозирги Россия терма жамоаси – сўнгги 15-20 йилдаги энг кучсизи”, – деди депутат «Р-Спорт» агентлигига берган интервьюсида.
Ананскихнинг сўзларига кўра, ушбу масаладаги парламент мажлислари 3 октябрь куни бўлиб ўтади. Унда, Капеллодан ташқари, Россия спорт вазирлиги ва Россия футбол иттифоқи раҳбарияти ҳам иштирок этади.
Аввалроқ, Россия либерал-демократик партияси етакчиси Владимир Жириновский Фабио Капеллони қароқчи деб атаб, унинг терма жамоадаги фаолиятини танқид остига олганди, “Справедливая Россия” партиясидан сайланган депутат Олег Пахолков эса италиялик мутахассисни ўзига тўланган гонорарнинг ярмини қайтариб беришга чақирганди.
Эслатиб ўтамиз, Бразилияда давом этаётган футбол бўйича ЖЧ-2014да Россия терма жамоаси гуруҳдан кейинги босқичга чиқа олмади. Руслар гуруҳ босқичининг уч ўйинида икки марта дуранг ўйнаб, бир марта мағлуб бўлишди.
|