Ўзбек футболи тарихида илк бор Осиё чемпионига айланган Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси якшанба куни кечга яқин юртимизга қайтиб келишди. Тошкент халқаро аэропортида чемпионларимиз муносиб равишда кутиб олинди. Терма жамоамиз делегациясини ОАВ ҳамроҳлигида мингга яқин ишқибозлар ҳамда футболчиларнинг яқинлари кутиб олишди. Биз фурсатдан фойдаланиб, терма жамоамиз бош мураббий Дилшод Нуралиев ва ҳужумчи Шоҳжахон Аббосов билан суҳбатлашдик.
Дилшод НУРАЛИЕВ: "Дуо қилиб туринглар!”
- Дилшод ака, аввало чемпионлик билан табриклаймиз! Ўзбек футболи тарихида илк бор сиз бош мураббийлик қилган ўсмирлар терма жамоамиз Осиё чемпионига айланди. Мусобақа таассуротлари билан ўртоқлашсангиз.
- Биласизми, Эронга жўнаб кетиш олдидан барчамизда ҳаяжон ва босим бор эди. Сабаби, олдимизга жаҳон чемпионатига чиқиш вазифаси қўйилганди. Табиийки, бу ҳолатда ўз-ўзидан босим бўларди. Мана шу босим гуруҳ босқичидаги ўйинларимизга таъсирини ўтказди. Бундан ташқари, биз ўйин услубимизни чорак финалга қадар рақибларга кўрсатмасликни мақсад қилгандик. Гуруҳ босқичидаги омадсизлигимизга буни баҳона қилмоқчи эмасман, лекин барибир таъсир қилди. Шундай бўлса-да, учрашувларни ёмон ўтказмадик. Кўрган бўлсаларинг, гуруҳдаги барча баҳсларда рақибларга муносиб қаршилик кўрсатдик. Дарвозаларни ишғол қилиш учун етарлича имкониятларга эга бўлдик. Аммо вазиятлардан унумли фойдалана олмаганимиз бизга панд берди. Аллоҳга шукр, ўзи қўллаб гуруҳдан чиқдик. Гуруҳдан чиқиб олганимиздан сўнг босим ҳам бироз пасайди. Натижада чорак финалда Осиёнинг энг кучли терма жамоаларидан бири Жанубий Кореяни мағлубиятга учратдик. Тўғри, пенальтилар сериясида ғалаба қозондик, бироқ ўйин давомида ҳам улардан устунлик қилганимизни барча кўрди.
Ярим финалга чиқиб, жаҳон чемпионатига бериладиган йўлланмани қўлга киритганимиздан кейин шогирдларимда ўзларига бўлган ишонч янада ортди. Оқибатда мезбон - Эронга қарши баҳсда футболчилар хотиржам ҳаракат қилишди ва ишончли ғалабага эришишди. Финалда Япониядан ҳам устун келган бўлсакда, уларни Осиёнинг энг кучли терма жамоаси деб биламан. Японларни тактик жиҳатдан ва ўйинчиларнинг иқтидори борасида биздан устун деб биламан. Улар билан тенглашишимизга анча бор. Учрашув давомида камчиликларимиз кўриниб қолди. Жаҳон чемпионатига тайёргарлик давомида ўша камчиликлар устида ишлаймиз. Насиб қилса, камчиликларни бартараф этиб, мундиалга муносиб равишда тайёргарлик кўрамиз. Албатта, жаҳон чемпионатида ҳам юқори ўринлар учун кураш олиб борамиз.
Фурсатдан фойдаланиб, давлатимиз раҳбари Ислом Абдуғаниевич Каримовга, Ўзбекистон футбол федерацияси президенти Мираброр Усмоновга, терма жамоалар марказига катта миннатдорчилигимни билдираман! Мусобақага тайёргарлик кўришимиз учун барча шароитларни ташкил қилиб беришди. Хорижда ўқув-йиғин машғулотларини ўтказиб, бир қатор ўртоқлик учрашувларида майдонга тушдик, тажриба орттирдик. Агар бу йиғинлар бўлмаганида бундай натижаларга эриша олмасдик деб ўйлайман.
Сўзим охирида шундай футболчиларни тарбия қилган уларнинг ота-оналари, биринчи мураббийларига катта раҳмат айтаман! Боиси, Осиё чемпиони бўлишимизда уларнинг ҳам каттагина ҳиссаси бор.
- Ғалабали онларни жаҳон чемпионатида ҳам давом этишини тилаб қоламиз! Насиб қилса, мундиалда ҳам рақибларнинг асосий муаммосига айланинглар...
- Раҳмат! Футболда олдиндан бир нарса деб бўлмайди. Осиё чемпионати давомида ҳам ўтказилган матбуот анжуманларида каминага "эртага ким ғалаба қозонади”, деган савол берилганида "шу куни ўйинга тайёр бўлган ва тўғри тактика танлаган жамоа ғалаба қозонади”, дея жавоб қайтардим. Бундай мусобақаларда фаворитнинг ўзи бўлмайди. Оддий мисол, Жанубий Кореяга қарши ўйинимиз олдидан барча корейсларни ўйининг фаворити дейишаётганди. Лекин биз ғалаба қозондик. Эронликларнинг нияти ҳаммасидан ошиб тушди. Мезбонлар ўзларини финалда деб ҳисоблашаётган экан. Улар финални "Озоди” стадионида ўтказамиз, деб ният қилишаётганди. Бироқ биз уларни ҳам мағлуб этишнинг уддасидан чиқдик. Финалга чиққанимизда ҳам ҳамма японларни чемпионга чиқариб қўйгандик. Аллоҳнинг ёрдами билан яна бизнинг омадимиз келди ва Осиё чемпионига айландик. Дуо қилиб туринглар, мундиалда ҳам омад бизни тарк этмасин!
Шоҳжахон АББОСОВ: "Мундиалда ҳам мухлисларимизни хурсанд қиламиз”
- Худога шукр, ҳаммаси биз учун кўнгилдагиднк ўтди. Қитъа биринчилигида муносиб иштирок этиб, чемпионликни қўлга киритдик. Турнирга яхши тайёргарлик кўришимиз учун бизга барча шароитларни яратиб берган раҳбарларимизга миннатдорчилигимизни билдираман.
- Гуруҳ босқичидаги омадсизлик ҳақида нима дейсиз?
- Дастлабки икки ўйинда бироз қийналдик, лекин кейин ҳаммаси яхши бўлиб кетди.
- Икки учрашувда пенальтилар сериясидан кейин ғалаба қозондинглар. Бунга алоҳида тайёргарлик кўрганмидиларинг?
- Ҳа. Осиё чемпионатига жўнаб кетиш олдидан ўтказилган йиғинларда пенальти тепиш борасида алоҳида ишлагандик. Бу чемпионатда ўз самарасини берди. Ўзимизни йўқотиб қўймадик ва ғалаба қозондик. Жаҳон чемпионатида ҳам бундан-да, яхши ўйин кўрсатиб, мухлисларимизни хурсанд қиламиз деган умиддаман.
Фурқатбек Нишонов ёзиб олди