Эр кўчада ичиб юрмагай, Уйдан кечиб, безиб юрмагай, Ўзин ночор сезиб юрмагай, Аёл агар оқила бўлса.
Эр – хотиннинг гоҳо уруши, Гўё тўфон, бўлар тиниши. Уят ота уйида юриши, Аёл агар оқила бўлса.
Уйдаги гап кўчага чиқмас, Шубҳалардан асло тўн бичмас. Ғийбатларнинг лойида кечмас, Аёл агар оқила бўлса.
Ҳовли жойи доим топ - тоза , Кийимида гард йўқ, покиза. Бўлур париларга андоза, Аёл агар оқила бўлса.
Уйда мўлки, увол этмагай, Гар йўқдирки, йўқ ториқмагай. Топқирдирки, ҳеч зориқмагай, Аёл агар оқила бўлса.
Яхшилигинг юз оширади, Ёмонлигинг сир яширади. Дилда меҳринг ҳўп жўширади, Аёл агар оқила бўлса.
"Йўқ” дегувчи сўзлардан йироқ, Эрга қилмас ҳам нозу-фироқ. Рашки бор-у, ўрнида бироқ, Аёл агар оқила бўлса.
Хато қилмоқ одамдан мерос, Авф этмоқ Момо ҳавога хос. Кечиргай эр адашса бир оз, Аёл агар оқила бўлса.
Жаҳлла енголмас, билади, Ширин сўзлаб жонин олади. Адашса рост йўлга солади, Аёл агар оқила бўлса.
Ёмон хотин эрни хор қилар, Ҳатто ширин сўзга зор қилар. Ёммонни ҳам яхши ёр қилар, Аёл агар оқила бўлса.
Хизматга шай, доимо ҳозир, Эр шоҳ бўлса, аёлчи – вазир. Маслаҳати тиллога арзир, Аёл агар оқила бўлса.
Боши баланд доимо мағрур, Қайғу билмас, ҳар дам шод юрур. Эркак учун чин бахт шу эрур, Аёл агар оқила бўлса!
Муҳаббат Пардаева
|