Режиссёр Ёлқин Тўйчиев ўзига катта баҳо бермасдан, янгироқ ғоя ўйласа нур устига аъло нур бўларди. Убайдулла Омоннинг роли деярли кўринмаган. Адиз Ражабов ўзини йўқотиб қўйган...Гўё «Болливуд қироли» Шохрух Хон унга устозлик қилгандек. Саида Раметовани аллақачон жонкуяр, гохида қаттиққўл она ва қайнона образларида жуда яхши биламиз. Унинг яна шу каби образ ва ҳолатларга киришиши ҳеч қандай ҳайрат уйғотмади.
Бой оила...Икки ўғил. Уларнинг уйидаги хизматкор аёлнинг бир қизи бор... Хуллас, турли вазиятлар тўнғич бойваччани камбағал қиз билан учраштираверади... Тобеълик...Севги...Кўплаб лавҳалар Каран Жоҳарнинг фильмларига ўхшаш. Жумладан, “Ҳаётда ҳамма нарса бўлади”, “Гоҳо шодлик, гоҳо ғам”... “Бунёд” гуруҳининг “Ҳамон” номли клипидан эса шундоққина ғоя ўғирланган. Қаҳрамон қизнинг шартакилиги, одамовилиги, жаҳлдорлиги, ҳазилкашлиги, уришқоқлиги ҳаддан зиёд бачкана. Агар, унга Дилноза Кубаева овоз бермаганидами... томошабин умуман қабул қила олмасди. Кайфият эса премъера бошланиши арафасида бузилди. Бошловчи Асал Шодиева деган актрисани таништиряпти. Тавба, қўллар орқада, кийимлар очиқ-сочиқ...Қарсакларга таъзим қани? Бу қизча кимдан ўрнак оляпти? Қани одоб? Бизнинг ўзимиз ҳам айбдормиз-да! Ўзимиз юлдуз қиламиз, кейин тарбиясизларча муносабатларга кўника борамиз, сўнгра ўзимизга нисбатан уларнинг овозини баландлатиб ва индамаймиз!
“Суперкелинчак”, “Ичкуёв” каби фильмларга ҳам ўхшаш жиҳатлари кўп, бу фильмнинг. “Зирапча” (айримларнинг аҳмоқлигини инобатга олмаганда) бу фильмдан кўра қизиқарлироқ эди! Уруш-жанжаллар, сўкинишлар, инсон руҳиятига юк сифатида таъсир кўрсатувчи лавҳалар кўп. Зуҳра (янги актриса) ва Шохрух (Адиз Ражабов)нинг гап талашишидаги қизнинг шаллақилиги жуда расво кўрсатилган. (Тўғри, ҳозир бундан-да беш баттар одобсиз қизлар бордир...Лекин, маънавиятни бойитувчи кадрларга бундайларни муҳрлашдан на ҳожат?). Ҳазил-чин аралаш эротик хисларни уйғотгувчи лавҳалар эса (сўнгги пайтда шу етмай турувди!) инсоннинг кулгусини эмас, ғашини келтиради. Ахир, қанча ёшлар, канча усмир кизлар бор томошабинлар орасида?
Лабини чўччайтириб, кўзларини юмиб турган Тоҳирнинг пастига секин тушаётган Зуҳра…Бу кадрнинг ёшлар маънавиятига таъсирини тасаввур қилинг? Бу пайтда йигит кўзини ҳайрат билан очиб қарайди... Кимнинг хаёлидан нима ўтмайди, дейсиз? Тўғри, буни шунчаки оддийликка йўйиш мумкин. Бироқ, унутманг, ҳар қандай мураккаблик ва ривожланиш асосида ўша оддийлик ётади!
Хуллас, кимга қанақа билмадим-у, ҳаммаси фильм номига мос тарзда пойма-пой бўлди. Ғалати, сўнгги пайтда фильмлар номи ҳам рўёга айланмоқда… “Зирапча” ҳаммага зирапчадек ботди. Ишқилиб, фильм ижодкорлари пойини йўқотиб қўймаса бўлгани!
Жасур ХАМРОЕВ